Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
▪
Аллох Таоло деди
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).
Мазкур оятнинг мазмуни бундай: Аллоҳдан қўрқинг, унга итоат этинг. Моддий ва маънавий азоб чекаётганларга ёрдам беринг. Доимо Аллоҳ йўлида бўлинг, қиёмат куни бунинг мукофотини оласиз. Чунки Аллоҳ савоб амалингизни ҳам, гуноҳ ишингизни ҳам, нима қилган бўлсангиз, ҳаммасини билади. Фаришталар, осмон, ер, кеча, кундуз... ҳамма-ҳаммаси инсон нима қилган бўлса, шу ҳақда қиёмат куни гувоҳлик беради. Ҳатто инсон танасининг аъзолари ўзи тўғрисида гувоҳлик қилади. Ер имонли ва ихлосли кишиларга гувоҳ бўлиб, менинг устимда намоз ўқиди, рўза тутди, ҳажга борди, дейди. Ернинг бу гувоҳлигидан Аллоҳдан қўрққан (яъни, тақводор инсон) севинади. Ер эса, имонсизлар тўғрисида гувоҳлик бериб, менинг устимда фаҳш ишларни қилди, ичкиликка ружу қўйди, бошқалар ҳақини еди, дейди. Раҳмлилар ичида энг раҳмли бўлган Аллоҳ қиёмат куни имонсизлар билан осийларни ипидан игнасигача синчиклаб сўроқ қилганда, уларнинг ҳолига вой бўлади!.
Бутун вужуди ва барча аъзолари билан Аллоҳдан қўрққан кишилар мўминлардир. Бу борада Имом Абу Лайс Самарқандий бундай дейди: «Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади:
Тилда:
Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бошқаларга бўҳтон қилиш ва бекорчи сўзларни айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади.
Қалбда:
Аллоҳдан қўрққан киши қалбида мусулмон қардошларига душманлик ҳис этмайди: ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан ўчира ди. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра Аллоҳнинг Расули буюради: «Олов ўтинни еб битиргани каби ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради”. Эй ўқувчи, билки, ҳасад қалбларга жойлашиб, жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон касалликдир.
Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал туфайли муолажа топиши мумкин.
Кўзда:
Аллоҳдан қўрққан одам ейиш, ичиш, кийиниш ва бошқа ишларда ҳам кўзини ҳаромдан сақлайди. Дунёга ҳирс ва ҳар нарсага эга бўлиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари ила қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули буюради: «Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради”.
Меъдада:
Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Аллоҳнинг Расули буюради: «Инсон зоти
меъдасига бир луқма ҳаром тушганда, бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўкдаги фаришталар ҳам унга шунча вақт лаънат айтадилар”.
Қўлда:
Аллоҳдан қўрққан инсон қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча, Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади.
Каъбдан бундай ривоят нақл этилган: «Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад қилган кишилар киради”.
Оёқда:
Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илм-маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
Итоатда:
Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳнинг ризоси учун унга итоат этади. Риё, инсонларга ўзини ёки ишларини кўз-кўз қилиш ва иккиюзламачиликдан сақланади.
Шундай қилиб, бир кимсанинг олти аъзосида ва еттинчи ўлароқ ибодатида шу ҳоллар мавжуд бўлса, демак, у Аллоҳнинг:
«Охират эса, Раббингиз наздида, тақводорлар учундир» (Зухруф сураси, 35-оят), деб буюрган кишилардан бири бўлади.
Яна тақводорлар ҳақида Аллоҳ буюради:
«Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва булоқлар узра бўлурлар. Парвардигорлари уларга ато этган
нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар).
Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар»
(Зориёт сураси, 15–16-оят).
"Мукошафатул қулуб".

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев